Умумий ўрта таълим мактабларида тарбиявий ишларни самарали ташкил этган республика бўйича 200 нафаргача маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари ҳар чоракда 3 млн 300 минг сўм миқдорда Ёшлар ишлари агентлигининг махсус жамғармаси ҳисобидан рағбатлантириб борилади.
Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши томонидан жорий йилнинг 3 май куни имзоланган қўшма қарорида назарда тутилмоқда.
Бунинг учун директор ўринбосарлари ёшларининг маънавиятини юксалтириш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича Президентнинг беш муҳим ташаббуси доирасида танлов ва тадбирларни ташкил этиш, тўграраклар фаолиятини мувофиқлаштирган ҳолда қуйидаги ишларни амалга ошириши лозим:
👉4-11-синф ўқувчилари ўртасида «Камалак» ва «Ёшлар иттифоқи» сардорлари фаолияти ҳақида тарғибот ишларини олиб бориш;
👉ўқувчилар орасидан фаол, ташаббускор, лидерлик қобилиятига эга бўлган болаларни сардорликка тайёрлаш мақсадида йилнинг центябр ойи иккинчи ўн кунлигида 4-7-синфларда ҳар бир синфдан 1 нафардан синф «Камалак» сардори”, 8-11-синфларда 1 нафардан синф «Ёшлар иттифоқи» сардори” сайловини ташкил этиш;
👉учинчи ўн кунлигида 4-11-синф ўқувчиларидан, таркиби 14 кишидан иборат «Мактаб сардорлари кенгаши» сайловини ташкил этиш;
👉ўқув йили давомида сардорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш;
👉маҳалла ёшлар етакчиси билан ҳамкорликда мактабларда «Ёшлар дафтари»да яратилган имкониятлар тўғрисидаги тарғибот ишларини ташкил этиш.
Ташаббускор, ислоҳотларни амалга оширишда ҳақиқий жонбозлик кўрсатган ҳар томонлама муносиб директор ўринбосарлари давлат мукофотларига ҳам тавсия этилади.